Таиландда ўзбек футболчиси коронавирусга чалинди
Таиланднинг «Buriram United» футбол клубида тўп сурувчи ўзбекистонлик легионер Акбар Исматуллаевда коронавирус аниқланди. Бу ҳақда Таиланднинг «Sanook» нашри хабар берди.
«Buriram United» футбол клуби ўзбек спортчиси Акбар Исматуллаевни ўз жамоасига олган эди. Акбар Исматуллаев карантин муддатини ўтагач ва иккита ўйинда қатнашгач, COVID-19 таҳлиллари мусбат чиқди.
Хабарга кўра, Акбар 13 август куни Ўзбекистондан Таиландга етиб борган ва 14 кун карантинда сақланган. Карантиндан чиқаётганда тест натижалари манфий бўлган. Шундай қилиб, у 27 август куни Бурирамга борган. 30 август ва 5 сентябрь кунлари бошқа провинцияларда мавсумолди ўйинларда қатнашган. Ўйиндан кейин Самутпракандаги футбол лагерига 10 сентябрь куни қайтган. Ўша ерда унда коронавирус аниқланган.
Соғлиқни сақлаш органлари футболчи касалликни қаердан юқтириб олганини аниқлашга ва у борган жойларни ва алоқаларини ўрганишга уринмоқда.
Аввалроқ рекордчи бош ошпаз Баҳриддин Чустий, Ўзбекистон халқ артисти Муқаддас Холиқова, хонанда Каниза ва «Беном» гуруҳи вакили Комил коронавирусга чалингани хабар қилинган.
Эслатиб ўтамиз, Миллий масс-медиани қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди Васийлик кенгаши раиси Комил Aлламжонов коронавирусга чалиниб, тузалиб чиққан. Шунингдек, адлия вазири маслаҳатчиси Шаҳноза Соатова коронавирусга чалинганини маълум қилганди.