Андижонда шароити оғир бева аёлнинг фарзанди ишга жойлаштирилади
Андижон туман ҳокимлиги ижтимоий тармоқларда тарқалган «Ёлғиз она: Болаларим билан қуйналиб кетдик, шароитимиз жуда ёмон» сарлавҳали хабар юзасидан 16 октябрь куни расмий муносабат билдирди.
Таъкидланишича, Андижон тумани ҳокимлиги ва тегишли мутасадди ташкилотлар томонидан ишчи гуруҳ тузилиб, мурожаат ўрганиб чиқилган. Унда тумандаги «Оқ роввот» маҳалласи Қўрғонча кўчасининг 112-уйида яшовчи, 2-гуруҳ ногиронлиги бўлган Й.А.га Андижон тумани ҳокимлиги томонидан бир неча марта ёрдам кўрсатилганлиги, фарзандига эсдалик совғалари берилганлиги ҳамда Андижон туман газ корхонасидан 2017 йил 14 март кунги шартнома билан бир дона маиший газ баллонини ижарага олганлиги аниқланган. Фарзандига туман бандликка кўмаклашиш маркази томонидан вакант жойлар ҳақида маълумот берилган ва мурожаатчининг танловига кўра ишга жойлаштириладиган бўлган.
Ишчи гуруҳ аъзолари томонидан уй-жойини таъмирлаш ва уй-рўзғор буюмларини олиш ва бошқа масалалари қонун доирасида ўрганиб чиқилиб, натижаси ҳақида қўшимча маълум қилинади.
Аввалроқ Асакада бўлиб ўтган ҳоким қабулида 20 нафар фуқаро иш билан таъминлангани ҳақида хабар берилганди.