БМТнинг Марказий Осиёдаги ваколатхонаси вакиллари Наманганга келди
Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Гиёҳванд моддалар ва жиноятчилик бўйича бошқармасининг Марказий Осиёдаги ваколатхонаси вакиллари 16 октябрь куни Наманганга келди. Бу ҳақда Ёшлар ишлари агентлиги вилоят бошқармаси матбуот хизмати хабар берди.
Қайд этилишча, БМТ вакиллари Поп туманида кутиб олинган. Поплик ёшларга меҳмонларнинг эсдалик совғалари топширилган.
Наманган «Ёшлар маркази»да БМТ Гиёҳванд моддалар ва жиноятчилик бўйича бошқармасининг Марказий Осиёдаги ваколатхонаси вакиллари ва Ёшлар ишлари агентлиги вилоят бошқармаси, Ёшлар иттифоқи вилоят кенгаши, Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вилоят бошқармаси, вилоят Ички ишлар бошқармаси, Халқ қабулхонаси вакиллари билан учрашув бўлиб ўтган.
Учрашувда ёшлар жиноятчилиги, уни олдини олиш, уни келтириб чиқиш сабаблари, вилоятда «Юридик клиника»ни очиш, ушбу клиникани замонавий техник воситалар билан таъминлаш, вилоятдаги турли хил йўналишдаги мактабларни спорт анжомлари билан таъминлаш масалари юзасидан фикрлар билдирилган.
Шунингдек, ваколатхона вакиллари Мингбулоқ туманида ёшлар учун яратилган шароитлар билан ҳам танишган. Туман Маданият марказида ёшлар учун ташкил этилган «IT school» фаолияти бўйича туман ҳокими ўринбосари Фахриддин Йўлдошев батафсил маълумот берган.
Aввалроқ Учқўрғонда бешта «Фидойи ёшлар отряди» ташкил этилгани ҳақида хабар берилганди. Шунингдек, Поп туманида «Фидойи ёшлар отряди» 60 тонна пахта тергани хабар қилинган.