Бухоро шаҳрида Ўзбекистон—Россия ҳукуматлараро комиссиясининг 21-йиғилиши ўтказилди
Бухоро шаҳрида иқтисодий ҳамкорлик бўйича Ўзбекистон—Россия ҳукуматлараро комиссиясининг йигирма биринчи йиғилиши ўтказилди. Йиғилиш бош вазир ўринбосари — инвестициялар ва ташқи савдо вазири Сардор Умурзоқов ва Россия иқтисодий ривожланиш вазири Максим Решетников раислигида бўлиб ўтди. Бу ҳақда ЎзA хабар қилди.
Хабара кўра, тадбир давомида савдо-иқтисодий, маданий-гуманитар, илмий-техникавий соҳаларда икки томонлама ҳамкорликнинг жорий ҳолати, шунингдек, шерикликни ривожлантириш учун янги истиқболли йўналишлар муҳокама қилинган. Кун тартибидаги асосий масалалар бўйича конструктив мулоқот ва фикр алмашиш давомида саноат, қишлоқ хўжалиги, транспорт, энергетика, соғлиқни сақлаш соҳаларида, банк-молия сектори ва таълим соҳасида кўп қиррали ҳамкорликни кенгайтиришга ҳар иккала томон қатъий содиқлиги билдирилган.
Шунингдек, Ўзбекистон ва Россия ўртасидаги савдо айланмаси сўнгги 3 йилда сезиларли даражада — 58 фоизга ошгани таъкидланган. Ҳамда яқин келажакда ўзаро маҳсулот айирбошлаш ҳажмини 10 миллиард долларга етказишга эришиш мақсадида икки мамлакат ўртасидаги савдо алоқаларини чуқурлаштириш бўйича келгусида биргаликда амалга ошириладиган тадбирлар муҳокама қилинган. Хабарда айтилишича, савдо соҳасида мавжуд тўсиқларни олиб ташлаш ҳамда Ўзбекистон ва Россия компаниялари томонидан ташқи савдо операцияларини амалга ошириш учун шароитларни оптималлаштириш бўйича аниқ таклифлар билдирилган.
Маълум қилинишича, 2021 йил март ойи охирида Тошкент шаҳрида Россия ва Ўзбекистон ишлаб чиқарувчилари ва тадбиркорларига тўғридан-тўғри алоқаларни ўрнатиш ва саноат кооперацияси соҳасида янги лойиҳавий таклифларни биргаликда ишлаб чиқиш имконини берадиган «Иннопром» халқаро инвестиция ва саноат кўргазмасини ўтказишга келишиб олинган.
Қайд этилишича, маданий-гуманитар соҳадаги ўзаро ҳамкорлик икки томонлама шерикликнинг муҳим таркибий қисмларидан бири экани тилга олинган қатор қўшма тадбирлар, хусусан, икки мамлакатнинг етакчи ОТМлари ва илмий-ўқув марказлари ректорлари иштирокида «Ўзбекистон—Россия» Иккинчи таълим форумини ўтказишнинг амалий жиҳатлари муҳокама қилинган.
Аввалроқ Жондорда 11 миллиард сўмдан ортиқ инвестиция киритиладиган кичик саноат зонаси ташкил этилиши ва Бўстонда 432 миллиард сўмлик инвестиция лойиҳалари амалга ошириш натижасида мингдан ортиқ иш ўрни яратилиши ҳақида хабар берилганди.