Бухорода 2 мингдан зиёд ўқитувчи иккинчи малака тоифаси учун тест топширади

Бухоро вилояти халқ таълими тизимида фаолият олиб бораётган ўқитувчилар учун навбатдаги малака (тест) синовлари бошланди. Бу ҳақда ЎзА хабар берди.

Фото: ЎзА

Хабарга кўра, синовларда жами 2019 нафар ўқитувчининг иккинчи тоифага даъвогар сифатида иштирок этиши режалаштирилган. Маълум бўлишича, Бухоро муҳандислик технология институтининг ўқув биносида ташкил этилаётган синовларнинг илк кунида 294 нафар ўқитувчи математика ва информатика фанлари йўналишида тест топширган.

Фото: ЎзА

Таъкидланишича, тест жараёнларининг боришини бевосита Халқ таълими вазирининг биринчи ўринбосари Усмон Шарифходжаев кузатган. Синовларнинг адолатли, шаффоф ўтказилиши юзасидан тегишли тавсия ва кўрсатмаларини берган.

Вилоят халқ таълими бошқармасининг хабарига кўра, Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси билан ҳамкорликда ўтказилаётган мазкур малака (тест) синовлари 2020 йилнинг 10 октябрига қадар давом этади.

Aввалроқ Самарқандда 4700 дан ортиқ ўқитувчи, Наманганда 5 мингдан ортиқ ўқитувчи иккинчи малака тоифаси учун тест топшириши ҳақида хабар берилганди.

Янгиликлар