Наманганда 5 мингдан ортиқ педагог иккинчи малака тоифаси учун тест топширади
Наманганда 5034 нафар педагог мутахассис малака тоифасидан 2-малака тоифасига ўтиш учун малака (тест) синовини топширади. Бу ҳақда вилоят Халқ таълими бошқармаси ахборот хизмати хабар берди.
Таъкидланишича, Наманган муҳандислик қурилиш институти қошидаги академик лицейда Халқ таълими вазирлиги ҳамда таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси ҳамкорлигида вилоятдаги 741 нафар ўқитувчи учун математика ва информатика фанларидан малака (тест) синовлари бўлиб ўтади. Унда мутахассис малака тоифасидан 2-малака тоифасига ўтиш учун синовларда иштирок этади.
Қайд этилишича, карантин қоидаларига тўлиқ риоя қилиниб, шаффоф ва адолатли ташкил қилинган малака тест синови, дарс ўтиш самарадорлиги, педагог маҳорати каби мезонлар асосида баҳоланади. Ҳар биридан 60 ва ундан юқори балл натижасига эришган педагогларга 2-малака тоифаси берилиши кўзда тутилган.
Хабарга кўра, 5—10 октябрь оралиғида ўтадиган иккинчи малака учун синовларда вилоят бўйича жами 5034 нафар педагог имтиҳондан ўтиши режалаштирилган.
Aввалроқ Самарқандда 4700 дан ортиқ ўқитувчи иккинчи малака тоифаси учун тест топшириши ҳақида хабар берилганди.