Самарқандда 4700 дан ортиқ ўқитувчи иккинчи малака тоифаси учун тест топширади
Самарқанд вилоятида иккинчи малака тоифали ҳамда мазкур малака тоифаларига талабгор педагогларнинг тест синовларига бағишланган йиғилиш бўлиб ўтди. Бу ҳақда Самарқанд вилояти халқ таълими бошқармаси матбуот хизмати хабар берди.
Маълум қилинишича, таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси вилоят бўлими ҳамда вилоят Халқ таълими бошқармаси томонидан туман ва шаҳар халқ таълими бўлими масъул ходимлари иштирокида йиғилиш бўлиб ўтди. Йиғилишда 5—10 октябрь кунлари ўтказиладиган иккинчи малака тоифали ҳамда мазкур малака тоифаларига талабгор педагогларнинг тест синовларига оид масалалар кўриб чиқилди.
Йиғилишда таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси вилоят бўлими раҳбари Ғайрат Бобохолов, вилоят Халқ таълими бошқармаси бошлиғи ўринбосари Озод Жангиров ушбу жараёнларни ташкил этиш бўйича тавсиялар берди. Онлайн тест синовларини шаффоф ва адолатли ўтказиш, жараёнда ўқитувчиларнинг турли воситалардан фойдаланишига йўл қўймаслик масалаларига тўхталиб ўтилди.
Хабарга кўра, мазкур тест синовларида 4709 нафар фан ўқитувчилари иштирок этади. Тест синовлари Самарқанд давлат университетининг 2 та спорт залида 200 та компьютер орқали ўтказилади.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Данғарада 5 нафар ўқитувчига «Халқ таълими аълочиси» кўкрак нишони топширилгани ва Андижон шаҳрида 6 нафар педагогга вилоят ҳокимининг фахрий ёрлиқлари берилгани хабар қилинганди.