Бухорода автосалондан харид қилинган янги «Cobalt» носоз чиқди
Бухоро вилоятида автосалондан харид қилинган янги «Cobalt» носоз чиқди. Бу ҳақда, вилоят Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ҳудудий бирлашмаси «Tez News»га хабар қилди.
Маълум қилинишича, Вобкент туманида яшовчи фуқаро Носир Шароповнинг автосалондан харид қилган «Cobalt» русумли автомашинасида кўп ўтмай турли нуқсонлар сезилган. Двигателида кучли шовқин пайдо бўлиб, бу товуш бутун маҳаллага етадиган даражада кучайгач, фуқаро вилоят Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ҳудудий бирлашмасига мурожаат қилган.
Бирлашма масъуллари томонидан «GM Uzbekistan» акциядорлик жамиятига ёзма мурожаат қилиб, махсус мутахассис ва ҳуқуқшунослар жалб қилинган. Муаммо истеъмолчи фойдасига ҳал этилган. Носоз автомашина ишлаб чиқарувчи заводга жўнатилиб, тўлиқ таъмирлаб берилган.
Аввалроқ «UzAutoMotors»га нисбатан қўзғатилган иш видеоконференцалоқа тартибида кўриб чиқилаётганини, «UzAuto Motors»га нисбатан қўзғатилган иш давомида аниқланган дастлабки қонун бузилиш ҳолатлари маълум қилингани ва «UzAuto Motors» автомобиллар нархини пасайтириш имконсиз эканлигини маълум қилгани ҳақида хабар қилинганди.