Фарғонада юк машинасининг йўловчи поездга урилиши оқибатида ҳайдовчи ҳалок бўлди (фото)
Фарғона вилоятида 13 октябрь соат 21:40 да Бувайда ва Қўқон станциялари оралиғидаги темир йўл кесишмасида юк машинаси йўловчи поездга урилиши оқибатида ҳайдовчи ҳалок бўлди. Бу ҳақда «Ўзбекистон темир йўллари» акциядорлик жамияти ахборот хизмати хабар қилди.
Хабарга кўра, «ГAЗ-53» русумли юк машинанинг ҳайдовчиси Т.С. темир йўл кесишмасида ҳаракатланишнинг амалдаги қоидаларини бузган. Натижада у ёпиқ тўсиқ (шлагбаум)ни четлаб ўтишга ҳаракат қилиб, Тошкент—Aндижон йўналишида ҳаракатланаётган 62-сонли йўловчи поезди билан урилиши оқибатида автоҳалокат юз берган. Воқеа натижасида юк машинасининг ҳайдовчи кабинасига жиддий зарар етказилган, ҳайдовчи воқеа жойида ҳалок бўлган.
Маълум қилинишича, локомотив ва йўловчи поездининг биринчи вагонига ҳам зарар етган. Йўловчилар орасида жабрланганлар йўқ, зарар кўрганлар «Қўқон» локомотив депосига олиб борилган. Йўловчи поездни манзилигача бошқа электровоз орқали етказиб борилган.
Хабарда айтилишича, воқеа натижасида йўловчи поезди 42 дақиқага кечиктирилган. Шунингдек, ҳозирда ҳуқуқ-тартибот ҳамда бошқа тегишли идоралар томонидан содир бўлган йўл транспорт ҳодисаси юзасидан тергов ишлари олиб борилмоқда.
Aввалроқ Қамчиқ довонида 2 та юк машинаси иштирокида йўл транспорт ҳодисаси содир бўлгани ҳақида хабар берилганди. Шунингдек, Сирдарёда «Isuzu» автомашинасининг «Камаз»га урилиши оқибатида ёнғин келиб чиққани хабар қилинганди.