Фурқат туманида 6 минг гектар майдонда кузги шудгорлаш ишлари амалга оширилади (фото)
Фарғона вилояти ҳокими Ҳайрулло Бозаров 20 октябрь куни Фурқат туманига ташриф буюриб, вилоят секторлари раҳбарлари билан биргаликда ҳудудда олиб борилаётган ишлар билан танишди. Бу ҳақда вилоят ҳокимлиги ахборот хизмати хабар берди.
Таъкидланишича туманда 6 минг гектар майдонда кузги шудгорлаш ишлари амалга оширилади. Бунинг учун 14 та отряд ташкил қилиниб, мавжуд 28 та замонавий ҳайдов трактори мавсумга тайёрланган. Вилоят ҳокими «Машина» трактор паркида бўлиб, ҳайдов тракторларининг кузги шудгорлаш мавсумига тайёргарлигини ўрганди, қишлоқ хўжалаги ходимлари, трактор ҳайдовчилари билан суҳбатлашди.
Фурқат туманидаги Ўзбекистон Халқ устаси, «Эл-юрт ҳурмати» ордени соҳиби Муҳаммадали Юнусов асос солган ва ривожланиб бораётган наққошлик ва ҳунармандчилик мактабини янада ривожлантириш мақсадида ер майдони ажратилиб, қурилиш ишлари бошлаб юборилган. Вилоят ҳокими қурилиш ишлари билан яқиндан танишиб, уста ва қурувчилар билан суҳбатлашган.
Фурқат туманида 1500 дан ортиқ тадбиркорлик субъектлари мавжуд. Тадбиркорларнинг мурожаатини ҳал этиш мақсадида ташкил этилган «Тадбиркорлар уйи» фаолияти билан танишиш жараёнида вилоят ҳокими кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни янада ривожлантириш юзасидан кўрсатмалар берган.
Аввалроқ Пешкуда 2021 йил ҳосилидан 9 минг тоннадан ортиқ буғдой сотилгани ҳақида хабар берилганди.