Чилонзорда тўртта автомобиль тўқнашиб кетди: олти киши жароҳатланди (видео)

Тошкент шаҳрининг Чилонзор туманида йўл-транспорт ҳодисаси юз берди, натижада олти киши жароҳат олди. Бу ҳақда шаҳар ЙҲХБ матбуот хизмати хабар берди.

ЙТҲ 24 март куни соат 00:10 атрофида Тахтагул – КҲАЙ кўчалари чорраҳасида содир бўлган. Аниқлик киритилишича, BMW русумли автомашина ҳайдовчиси ҳаракат давомида “Матиз” русумли автомашинанинг орқа қисмига тўқнашган, сўнг BMW КҲАЙ кўчаси бўйлаб ҳаракатланиб келаётган KIA русумли автомашина чап томонига бориб урилган.

Тўқнашув зарбидан KIA автомашинаси бир йўналишда ҳаракатланиб келаётган «Малибу-2» русумли автомашинасига тўқнашиши оқибатида йўл-транспорт ҳодисаси содир бўлган.

ЙТҲ натижасида BMW автомашинаси ҳайдовчиси ва 3 нафар йўловчиси, шунингдек KIA автомашинасининг ҳайдовчиси ва 1 нафар йўловчиси тан жароҳати олган, шифокорлар томонидан биринчи тиббий ёрдам кўрсатилган.

Ҳолат юзасидан Тошкент шаҳар ИИББ ЙҲХБ масъул ходимлари томонидан суриштирув ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Янгиликлар