Каттақўрғон тумани ҳокими 60 ёшда вафот этди

Самарқанд вилояти Каттақўрғон тумани ҳокими Aъзамхон Баҳромов 19 октябрь куни 60 ёшида вафот этди. бу ҳақда туман ҳокимлиги матбуот хизмати хабар берди. Ҳозирча ҳокимнинг вафоти сабаби маълум қилинмаган.

Фото: Каттақўрғон тумани ҳокимлиги матбуот хизмати

Aъзамхон Усмонович Баҳромов 1960 йил 12 январь куни Жиззах вилояти Ғаллаорол туманида туғилган.  Тошкент халқ хўжалиги институтини тугатган. Иқтисод фанлари номзоди. «Меҳнат шуҳрати» ва «Фидокорона хизматлари учун» орденлари соҳиби.

Аъзамхон Баҳромов узоқ вақт давомида Вазирлар Маҳкамаси ахборот-таҳлилий бўлими ходими, 2001 йилгача бош вазир котибияти мудири, 2003 йил августдан «Ўзбекенгилсаноат» давлат акциядорлик компанияси бошқаруви раиси лавозимларида ишлаган. Шунингдек, у 2006—2008 йилларда Самарқанд вилояти ҳокими вазифасини бажарувчи сифатида ишлаган. Aъзамхон Усмонович маълум муддат бошқарувдан четлатилгач, 2017 йилда Қўшработ тумани ҳокими этиб тайинланган. Шу йилнинг ноябрь ойидан буён Каттақўрғон тумани ҳокими лавозимида ишлаб келаётган эди.

Маълум қилинишича, жаноза 19 октябрь куни соат 13:00 да Тошкент шаҳри Юнусобод тумани «Уч қаҳрамон» маҳалласида бўлади.

Aввалроқ Самарқанд шаҳар бош имом-хатиби Нуриддинхон Исломов 73 ёшда вафот этгани ҳақида хабар берилганди. Шунингдек, Каттақўрғон туман прокурори Ойбек Хўжаев вафот этгани хабар қилинган.

Янгиликлар