Марказий банк асосий ставкани йиллик 14 фоиз даражасида ўзгаришсиз қолдирди
Ўзбекистон Марказий банки асосий ставка йиллик 14 фоиз даражасида ўзгаришсиз қолганини маълум қилди.
Маълум қилинишича, ушбу қарор реал фоиз ставкалар ижобийлигини сақлаб қолиш, юзага келган вақтинчалик инфляцион хатарлар фонида иқтисодий фаолликни янада рағбатлантириш учун қулай шароитлар яратилиши ва ўрта муддатли даврда инфляция динамикаси янада секинлашиши ўртасидаги мувозанатни таъминлашга қаратилган.
«Марказий банк инфляциянинг йил якуни бўйича прогнозини йиллик 11—12,5 фоиз даражасида сақлаб қолди ва ҳукумат билан биргаликда унга эришиш учун барча зарурий чораларни кўради» дейилади ҳисоботда.
Марказий банк ахборот хизматининг ёзишича, асосий ставка бўйича келгусидаги қарорлар инфляциянинг жорий ва прогноз динамикасининг шаклланиши, шунингдек, ички ва ташқи хатарларни баҳолаш асосида қабул қилинади.
Аввалроқ Марказий банк 2020 йил январь—сентябрь ойларидаги халқаро пул ўтказмалари ҳажмини маълум қилгани, ЕТТБ 2020 йил Ўзбекистонда ЯИМнинг қисқаришини прогноз қилгани хабар қилинган эди.