Ўзбекистон туманида ҳокимликка мурожаат қилган аёлга «Деҳқон бозори»дан жой ажратилди
Фарғона вилояти Ўзбекистон туманида ҳокимликка мурожаат қилган аёлга «Деҳқон бозори»дан жой ажратилди. Бу ҳақда туман ҳокимлиги ахборот хизмати хабар берди.
Маълум қилинишича, ижтимоий тармоқларда Ўзбекистон туманидаги Овоза кўчасида истиқомат қилувчи Хуршида Хадарова исмли аёлнинг мурожаати эълон қилинган. Мурожаатда аёл ёлғиз оналиги, бир нафар ўғил фарзанди борлиги, ҳеч қаерда ишламаслигини баён қилган. Шунингдек, аввал синглиси билан биргаликда бозорга чиқиши ва ҳозирги кунда туман марказида янги замонавий бозор комплекси қурилганлиги сабабли мазкур фаолиятидан ҳам айрилиб, бу борада туман ҳокимидан амалий ёрдам сўраган.
Қайд этилишича, аёл савдо фаолиятини давом эттириши учун туман ҳокимлиги, бозор маъмурияти масъуллари, туман аҳоли бандлигига кўмаклашиш маркази директори ва бевосита мурожаатчининг иштирокида шу куннинг ўзида Деҳқон бозори ҳудудидан жой ажратилган. Бундан ташқари, Хайдаровани туман аҳоли бандлигига кўмаклашиш маркази томонидан касбга қайта ўқитилиб, иш билан таъминлаш чоралари белгиланган.
Аввалроқ Ургутлик иккинчи гуруҳ ногиронига уйининг томини ёпиш учун 60 дона ва Бўстонда ижтимоий ҳимояга муҳтож аёлга 50 та шифер етказиб берилгани ҳақида хабар қилинган эди. Кейинчалик, Бағдод шаҳарчасида 35 та хонадон газсиз қолаётгани ҳақидаги хабар рад этилди.