Фарғонада пластик картадан пул ечиб олган аёлга жиноят иши қўзғатилди
Фарғона вилояти Қувасой шаҳрида 11 август куни пластик картадан фирибгарлик йўли билан пул ечиб олган аёлга жиноят иши қўзғатилди.
Қайд этилишича, 11 август куни М.Д исмли аёл Telegram орқали С.М.ни ишончига кириб, унга вояга етмаган фарзандлари бўлса моддий ёрдам берилишини айтиб, бунинг учун пластик карта рақамини юбориши ҳақида ёлғон хабар юбориб, тегишли банк томонидан берилган картасини кўлга киритиб, карта ҳисобида бўлган жами 1 миллион 100 минг сўм пулларини ечиб олган.
Шунингдек, ҳолат юзасидан Қувасой шаҳар Ички ишлар бўлими ҳузуридаги тергов бўлими томонидан Жиноят кодексининг 168-моддаси (Фирибгарлик) 2-қисми «в» банди билан жиноят иши қўзғатилган. Аёл саккиз йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланиши мумкин.