Самарқандда 3 йилдан буён алимент тўламай келган ота 15 суткага қамалди
Самарқанд вилояти Нарпай туманида 2 йил давомда алимент тўлашдан бўйин товлаган ота 15 суткага қамалди. Бу ҳақда Олий суд ахборот хизмати хабар берди.
Хабарга кўра, В. Бўронов (исм-шарифлар ўзгартирилган) фуқаролик ишлари бўйича Каттақўрғон туманлараро судининг 2012 йил 12 августдаги суд буйруғига асосан турмуш ўртоғи З. Файзиқулова фойдасига бир нафар вояга етмаган фарзанди С. Бўронованинг моддий таъминоти учун даромадининг тўртдан бир қисми миқдорида алимент тўлаши лозим эди. Бироқ В. Бўронов 2017 йил 1 апрелдан 2020 йил 1 сентябрга қадар 26 миллион 978 минг сўм алимент тўловини тўлашдан бўйин товлаган. Ҳолат юзасидан Мажбурий ижро бюроси Нарпай туман бўлими давлат ижрочиси томонидан маъмурий баённома расмийлаштирилган.
Маълум бўлишича, судда ҳуқуқбузар В. Бўронов айбига иқрор бўлган. Алимент пулини имкони бўлмаганлиги сабабли тўлай олмагани, оқибатда 26 миллион 978 минг сўм қарздорлик келиб чиққанини тан олган. Суд уни Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 474-моддаси 1-қисмига айбдор деб топган. В. Бўронов 15 сутка маъмурий қамоққа олинган.
Суд қарори билан фуқародан маъмурий қамоқда сақланган ҳар бир кун учун энг кам ойлик иш ҳақининг 15 фоизи миқдорида, жами 501 минг 750 сўм давлат фойдасига ундирилган.
Аввалроқ Зарафшонда 8 йилдан буён алимент тўламай келган ота, Пайариқда 15 миллион сўмдан зиёд алимент тўламай, қочиб юрган ота 15 суткага қамалгани хабар қилиган эди.