Самарқандда ҳар икки йилда бир марта инсон ҳуқуқлари бўйича халқаро форум ўтказилади
Вазирлар Маҳкамасининг 9 октябрь кунидаги қарори билан Инсон ҳуқуқлари бўйича Самарқанд форуми консепцияси ҳамда мазкур форумни ўтказиш регламенти тасдиқланди. Бу ҳақда Aдлия вазирлигининг «Huquqiy axborot» Telegram канали хабар берди.
Қайд этилишича, Самарқанд форуми ҳар икки йилда йилнинг октябрь—ноябрь ойларида ёки форумни ўтказиш бўйича ташкилий қўмита таклифига асосан бошқа вақтларда ҳам ўтказилиши мумкин.
Инсон ҳуқуқлари бўйича Самарқанд форумининг асосий мақсади инсон ҳуқуқлари соҳасида халқаро тажриба алмашиш орқали мавжуд муаммоларни аниқлаш ва уларни бартараф этиш чораларини кўриш, соҳада Ўзбекистоннинг ижобий халқаро имиджини яхшилашдан иборат.
Самарқанд форумининг ишчи органи Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази ҳисобланади.
Форумда Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг таркибий тузилмалари, Инсон ҳуқуқлари бўйича халқаро ва минтақавий такшилотлар, миллий институтлар, парламентлар, суд ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар, фуқаролик жамияти институти вакиллари, халқаро ва маҳаллий экспертлар, олимлар, соҳа мутахассислари, журналистлар ва бошқа жамоатчилик вакиллари иштирок этади.
Эслатиб ўтамиз, Инсон ҳуқуқлари бўйича Самарқанд веб-форуми 12—13 август кунлари ташкил этилган. Форумда 15 дан ортиқ мамлакатдан 40 нафар маърузачи иштирок этган.