Самарқандда рус тилида ўқитиш сифатини ошириш лойиҳаси доирасида россиялик педагог иш бошлади
Самарқанд вилоятида рус тилида ўқитиш сифатини ошириш лойиҳаси доирасида россиялик педагог Афанасева Евгения Валентиновна иш бошлади. Бу ҳақда вилоят Халқ таълими бошқармаси матбуот хизмати хабар берди.
Маълум қилинишича, Халқ таълим вазирлиги ва Россия маориф вазирликлари ҳамкорлигида амалга оширилаётган «2020—2030 йилларда Ўзбекистон Республикаси мактабларида рус тили фанини ва умумтаълим фанларини рус тилида ўқитишнинг сифатини ошириш» лойиҳаси доирасида А.И.Герцен номидаги Россия Давлат педагогика университети томонидан Ўзбекистонга юборилган мутахассис Афанасева Евгения Самарқанд вилояти халқ таълими ходимларини қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш ҳудудий марказига ташриф буюрган.
Россиялик мутахассис келган куниданоқ марказ профессор-ўқитувчилари ҳамда вилоят Халқ таълими бошқармаси масъул мутахассилари билан учрашув ўтказган. Шунингдек, ҳудудий марказда ўқитувчиларга яратилган шарт-шароитлар билан танишиб, ўқитувчилар билан ўтказилиши режалаштирилаётган семинарлар, рус тилини билиш даражаси ўрганиш бўйича олинаётган тест синовларини олиш учун мавжуд компьютер синф хоналари ҳолатини ўрганган.
Россиялик мутахасислар билан тузилган ҳамкорлик доирасида даставвал, 15 октябрдан мактаб ўқитувчилари ва ўқувчиларидан синов тестлари олиниши кўзда тутилган. Сўнгра тест синови натижалари умумийлаштирилиб, 3 ой давомида вилоятдаги мактабларда рус тили фани ўқитувчилари билан биргаликда фанни ўргатишда ва ўрганишдаги илғор тажрибалар ўртоқлашилиб, методик ёрдам кўрсатиш ҳамда ўқитувчиларнинг билим даражасини аниқлаб, шундан келиб чиққан ҳолда декабрь ойи сўнггида махсус ўқув қўлланма ишлаб чиқиш кўзда тутилган.
Маълумот учун, педагог кадрлар билимларини бойитишга қаратилган мазкур давлат дастури мутахассисликлар бўйича ўн йил муддатга режалаштирилган.
Бундан аввал Фарғонага рус тилида ўқитиш сифатини ошириш лойиҳаси доирасида 2 нафар, Наманганга 2 нафар россиялик педагог келгани ҳақида хабар қилинган эди. Кейинчалик Алишер Усмонов Ўзбекистонда лойиҳани амалга ошириш учун 5 миллион доллар сармоя киритгани маълум қилинганди.