Шуҳрат Ғаниев Олий Мажлис Сенати аъзолари рўйхатидан чиқарилди

Фарғона вилояти собиқ ҳокими Шуҳрат Ғаниев Олий Мажлис Сенати аъзолари рўйхатидан чиқарилди. Бу ҳақда Марказий сайлов комиссияси матбуот хизмати хабар берди.

Фото: «Газета.uz»

Маълум қилинишича, Олий Мажлис Сенати аъзоси Шуҳрат Ғаниев Шавкат Мирзиёевнинг 2020 йил 24 сентябрь, пайшанба кунги фармонига асосан бош вазирнинг аграр ва озиқ-овқат соҳаларини ривожлантириш масалалари бўйича ўринбосари лавозимига тасдиқланганлиги муносабати билан Сенат аъзолари рўйхатидан чиқарилган дея ҳисобланиши белгиланган.

Таъкидланишича, мазкур қарор Олий Мажлис Сенати ва халқ депутатлари Фарғона вилояти кенгашига юборилган.

Маълумот учун, Ғаниев 2011—2012 йилларда Фарғона вилояти ҳокими вазифасини бажарувчи ва 2012 йилдан буён Фарғона вилояти ҳокими вазифасида фаолият юритган. Собиқ Сенат аъзоси 2020 йил февралидан буён бош вазир ўринбосари лавозимида ишлаган ва 20 сентябрь куни инсультдан вафот этган Ўктам Барноев ўрнини эгаллаган.

Сўнгра 25 сентябрь куни Қонунчилик палатаси депутатлари маъқуллаганидан сўнг 29 сентябрь куни президент Шуҳрат Ғаниевни бош вазирнинг аграр ва озиқ-овқат соҳаларини ривожлантириш масалалари бўйича ўринбосари лавозимига тасдиқланганди.

Янгиликлар