Сирдарёда 8 ёшли қизни мактаб ҳожатхонасида зўрламоқчи бўлган эркакка чора кўрилмади
Сирдарё вилояти Сайхунобод туманида 8 ёшли қизни мактаб ҳожатхонасида зўрламоқчи бўлган эркакка чора кўрилмади. Мазкур ҳолат юзасидан қизалоқнинг онаси О.Д. мурожаат йўллади.
Маълум қилинишича, она 15 июль куни соат 12:30 атрофида қизини дўконга жўнатган. Аммо қиз 15 дақиқа ичида қайтмаган. Аёл қизини излаб, дўконга борганида топа олмаган. Уйига қайтганида қизини дўконга тескари бўлган, мактаб жойлашган томондан югуриб келаётганини кўрган. Сўнгра қизчадан нега у томондан келаётганини сўраган.
Қизча онасига нотаниш эркак велосипедга ўтказиб, мактаб ҳожатхонасига олиб борганини ва эшикни қулфлаб, уни зўрламоқчи бўлганини айтган. Лекин шу пайтда мактаб қоровули келиб эшикни таққилатган ва эркак билан гаплашган. Суҳбатдан сўнг эркак қизни уйига қайтариб юборган.
Аёл қизининг сўзларидан сўнг эркакни излаган, бироқ топа олмаган. Шундан сўнг, маҳалла посбонига қўнғироқ қилган, жавоб бўлмагач, «Турон» МФЙ маслаҳатчиси билан боғланган ва бўлган воқеани айтган.
Қайд этилишича, она мактаб қоровули билан суҳбатдан сўнг 15 июль куни ИИБга мурожаат қилган. ИИБ 3 кунлик изланишлардан сўнг қизчага 3 та фотосурат кўрсатган ва улар орасидан зўрлашга уринган шахс аниқланган.
Таъкидланишича, 3 ҳафтадан сўнг қизчадан психологик экспертиза олинган ва ГДУ психологлари иштирокида суҳбат ўтказилган. Психологлар хулосасига кўра, қизчага ишониш мумкинлиги қайд этилган,
«15 кун ичида шу одамни орган ходимлари томонидан ҳеч ким ушлагани йўқ, у бемалол кўчамиздан ўтиб, мактаб атрофида юрибди. Терговчининг айтишича, уни ИИБга чақиртириб, фақат тилхат олинган»,—дейди аёл.
Бундан аввал Самарқандда машҳур хонанда вояга етмаган қизнинг номусига теккани ва ИИБ унга нисбатан жиноий иш очишни рад этгани ҳақида хабар берилган эди. Кейинчалик Бухорода вояга етмаган шахс билан жинсий алоқа қилиб, жиноятидан қочиб юрган фуқаро Москвада қўлга олингани маълум қилинган.