Тошкентдан Бўстонлиққача бўлган йўлда янги туннель очилди
Тошкентда Янги Ўзбекистон кўчаси ва 4R12 автомобил йўли кесишмасида янги туннел очилди. Бу ҳақда ИИВ Йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати хабар беради.
Тошкент вилоятининг Бўстонлиқ туманидаги Чимён тоғлари ва Чорвоқ сув омбори томон ҳаракатланиш учун туннел очилди. Туннелдан ўтиш учун йўлдан ўнгга қараб кетиш керак.
Қарама-қарши йўналишда ҳаракатланиш учун 4Р12 йўлидан Янги Ўзбекистон кўчасига чиқиш ташкил этилган.
Туннель орқали оғир автомашиналар ва хавфли юк ташувчи транспорт воситаларининг ҳаракатланиши тақиқланади, улар чорраҳадан ўтишлари керак бўлади.
Шу сабаб йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати, ҳайдовчиларни ҳаракат йўналишини кўрсатувчи белгиларга эътибор қаратишини сўраган.