Андижонда ўз хонадонида нарколаборатория ташкил қилган шахс ушланди
Андижон вилоятининг Хўжаобод туманида хонадонда нарколаборатория ташкил қилган шахс қўлга олинди. Бу ҳақда Давлат хавфсизлик хизмати хабар берди.

Хусусан, Асака туманида яшовчи шахснинг ёнида бўлган 1 дона номсиз спрей идишдаги номаълум суюқлик ва 2 дона номсиз дори воситалари вақтинча сақловга олинган.
Сўнгра тезкор тадбир давом эттирилиб, Хўжаобод туманидаги унга тегишли хонадон кўздан кечирилганда, ушбу манзилда нарколаборатория ташкил этилганлиги маълум бўлган.
Нарколабораториядан спрей идишларда бўлган номсиз суюқликлар, оқ рангли кукунсимон моддалар, кучли таъсир қилувчи дори воситалари ҳамда наркотиклар тайёрлашда керак бўладиган анжомлар ашёвий далил сифатида олинди, — дейилади хабарда.
Экспертиза хулосасига кўра, ушбу моддалар «Альфа ПВП» синтетик гиёҳвандлик воситаси ҳамда «Тропикамид» кучли таъсир қилувчи моддаси ҳисобланади.
Ҳозирда нарколаборатория эгасига нисбатан Жиноят Кодексининг 273-моддаси 5-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, «қамоқ» эҳтиёт чораси қўлланилди. Тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.





