Тошкентда уй-жой нархлари пасайди
Ўзбекистонда кўчмас мулк бозоридаги фаоллик кетма-кет иккинчи ой пасайишда давом этди. Бу ҳақда Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази маълумот берди.
Қайд этилишича, март ойида битимлар сони 8,8 фоизга камайиб, 20,4 мингтани ташкил қилган. Шу билан бирга, бозорда йиллик ўсиш сақланмоқда — мартдаги битимлар сони ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 15 фоизга кўп. 2025 йил биринчи чорагида умумий битимлар 68,4 мингтага етди (+10,8%).
Минтақалар кесимида эса Жиззах (34%) ва Навоий (29%) вилоятларида энг катта ўсиш қайд этилди. 2021 йилдан буён илк бор бирорта ҳудудда савдо ҳажми камаймади.
Тошкентда эса иккиламчи уй-жой нархлари 0,6%, бирламчи уй-жой нархлари эса 0,4% пасайган.
Ўтган йил мартига нисбатан иккиламчи бозорда нархлар 5,7 фоизга, бирламчи бозорда 3,7 фоизга тушди.
Иккиламчи бозорда энг катта пасайиш:
• Чилонзор — 8,7%;
• Миробод — 8%;
• Яшнобод — 7,5%.
Янги қурилган уйларнинг нархи эса:
• Шайхонтоҳурда — 14,7%;
• Учтепада — 11%;
• Юнусободда — 6,7% га камайди.
Март ойида пойтахтда уй-жой ижараси нархлари деярли ўзгармади: бир квадрат метр учун ўртача 8 долларни ташкил этди. Миробод, Шайхонтоҳур ва Яккасарой туманларида эса ижара нархи нисбатан юқори— ўртача $10 атрофида.
Йиллик ҳисобда Тошкентда ижара нархлари 7,4 фоизга пасайган. Энг катта тушиш Мирзо Улуғбек, Яшнобод ва Чилонзор туманларида қайд этилди.