Ўзбекистонда келгуси 5 йилда камида 58 та янги мактаб қурилади
Ўзбекистонда 2025–2029 йиллар давомида замонавий стандартлар асосида камида 58 та мактаб қурилади. Бу тўғрисида президент қарори қабул қилинди.
Лойиҳа доирасида халқаро молия ташкилотлари кўмагида 200 миллион доллардан ортиқ маблағ жалб қилинади. 72 мингдан ортиқ қўшимча ўқув ўрни ва 500 нафар ногиронлиги бор ўқувчи учун инклюзив таълим шароитлари яратилади.
Шунингдек, мактаблар замонавий инфратузилма билан таъминланиб, ўқитувчиларнинг малакасини ошириш учун “аралаш ўқитиш” модели жорий қилинади.
Мактаблар қурилиши учун ер ажратишда аҳоли зичлиги юқори бўлган ва ўқув ўрни етишмайдиган ҳудудларга устуворлик берилади. Танланган ерлар электр энергияси, ичимлик суви, газ ва йўл инфратузилмасига эга бўлиши керак. Мактаб атрофидаги муҳандислик-коммуникация тармоқлари маҳаллий бюджет ва қўшимча манбалар ҳисобидан олиб келинади.
Сўнги 5 йилда Ўзбекистонда мактаблар сони 660 тага кўпайди, 2024 йилда эса 608 та мактабда қурилиш ва таъмирлаш ишлари бажарилди.