Ўзбекистоннинг Вашингтондаги биринчи бош консули тайинланди
Ахрор Бурханов Вашингтон штатидаги (АҚШ) Ўзбекистоннинг илк бош консули лавозимига тайинланди. Бу ҳақда у X ижтимоий тармоқдаги саҳифасида маълум қилди.

Уч йил давомида Ўзбекистон Республикаси ташқи ишлар вазири матбуот котиби сифатида фаолият юритиб, мамлакатимизнинг Вашингтон штатидаги (АҚШ) илк бош консули сифатида янги вазифани бошлар эканман, ушбу давр мобайнида қўллаб-қувватлаган ва ҳамкорлик қилган барчага самимий миннатдорлик билдираман, — деб таъкидлади Бурханов.
Янги тайинланган бош консул ўтган йиллар у учун ниҳоятда мазмунли ва серқирра бўлгани билдирилди. Бурханов илгари сурилган ташаббуслар, амалга оширилган лойиҳалар, устозлардан олинган сабоқ ва тажрибалар, ҳамкасблар билан елкама-елка олиб борилган ишлар бу даврни унутилмас ва қадрли хотираларга бой қилганини таъкидлади.





