Олмазор туманидаги омборхонадан водород сизиб чиқди
Тошкентда Олмазор туманидаги омборхонада жойлашган сиғимдан перекис водород моддасининг очиқ ҳавога сизиб чиқиш ҳолати қайд этилди. Ҳолат юзасидан ФВВ расмий изоҳ берди.
Қайд қилинишича, 20 июль куни Узумбоғ кўчасидан «олтин гугурт» ҳидига ўхшаш ҳид келаётганлиги ҳақида Тошкент шаҳар Фавқулодда вазиятлар бошқармасига хабар келиб тушган. Шундан сўнг, Радиацион, кимёвий ва тиббий-биологик ҳимоя бўлими ходимлари ҳодиса жойига етиб борган.
Дастлабки маълумотларга кўра, омборхонада сақланаётган сиғимлардан бири орқали водород пероксиди моддасининг сизиб чиқиши аниқланган. ФВВ томонидан ҳодисани бартараф этиш ишлари зудлик билан бошланган ва ҳолат тўлиқ назоратга олинган.
Вазирликнинг қўшимча хабарига кўра, мазкур ҳолат 20 июль куни соат 04:00 да тўлиқ бартараф этилган. Айни вақтда ҳодиса юзасидан суриштирув ишлари олиб борилмоқда.