Ўзбекистонда «Хавфсиз йўл» миллий дастури бошланади
Ўзбекистонда йўл-транспорт хавфсизлигини ошириш мақсадида «Хавфсиз йўл» миллий дастури ишга туширилади. Бу ҳақда Президент матбуот котиби хабар берди.
Таъкидланишича, йўл инфратузилмаси билан ҳоким ва ЙПХ биргаликда жиддий шуғулланаётган ҳудудларда ижобий натижалар кузатилмоқда. Масалан, Чустдан ўтувчи Д-105 Фарғона ҳалқа йўлининг 6 километрига тўсиқлар ўрнатилгач, бу ҳудудда бирорта ҳалокатли ЙТҲ қайд этилмаган.
Президент топшириғига кўра, халқаро ва давлат аҳамиятидаги йўллар ҳолати ўрганилди. Натижада 1 557 км йўлда тўсиқлар, 967 км йўлда тротуарлар ва 38 мингдан ортиқ йўл белгиларининг етишмаслиги аниқланган.
Янги миллий дастур доирасида «Хавфсиз йўл ва хавфсиз пиёда» жамғармаси қайта ташкил этилиб, Ҳукумат тасарруфига ўтказилади. Ҳар бир вилоятда ушбу жамғарманинг алоҳида филиаллари фаолият юритади. 2025 йил давомида жамғармага 400 млрд сўм маблағ тушиши режалаштирилган, шунингдек, фото ва видео радарлар орқали тушган жарималарнинг 25% и ҳам жамғармага йўналтирилади.
Йўл белгиларини ўрнатиш, чизиқлар чизиш ва светофор ўрнатиш бўйича масъул корхоналар ЙПХ тизимидан вилоят ҳокимликларига ўтказилади. Жамғарма фаолиятида ЙПХ, йўл бошқармаси раҳбарлари ҳамда жамоатчилик вакиллари иштирок этади. Дастлабки босқичда маблағлар авария ўчоғи бўлган хавфли ҳудудларни тартибга солишга йўналтирилади.
Шунингдек, аҳоли ва жамоатчилик фикрига асосланган эҳтиёжларни аниқлаш учун махсус электрон портал ишга туширилади. Бу портал орқали фуқаролар светофор, пиёда йўлаги, белги ва чизиқлар зарур бўлган жойлар ҳақида таклифлар билдириши ва лойиҳаларга овоз бериши мумкин бўлади.
Президент ҳар бир туман ва вилоят ҳокимлари ички йўллар ҳолатига бевосита масъул бўлишини таъкидлади. Жамғарма маблағларини ҳудудлар салоҳиятига қараб адолатли тақсимлаш вазифаси белгиланди.