Хитойда оила қуришни хоҳловчилар кескин камайди
Хитойда рўйхатга олинган янги никоҳлар сони бу йил рекорд даражада пасайиши кутилмоқда. Мамлакатда демографик инқироз кучаймоқда. Бу ҳақда CNN хабар берди.
Никоҳ ва туғилиш сонининг кескин пасайиши Пекин учун жиддий муаммо ҳисобланади. Ҳукумат ишчи кучи камайиши ва аҳоли қариши таъсиридан тобора кўпроқ хавотирланмоқда.
Фуқаролик ишлари вазирлиги маълумотларига кўра, 2024 йилнинг дастлабки уч чорагида Хитойда 4,74 миллион жуфтлик никоҳдан ўтган. Бу ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 16,6% га кам бўлиб, ўшанда 5,69 миллион никоҳ қайд этилганди.
Хитой аҳолиси кетма-кет икки йил давомида камаймоқда, ўтган йили эса туғилиш даражаси 1949 йилда Халқ Республикаси ташкил этилганидан бери энг паст кўрсаткични қайд этди.