Халқаро жиноят суди «Толибон» етакчиларини ҳибсга олишга ордер берди
Халқаро жиноят суди «Толибон» етакчиларини аёлларни таъқиб қилгани учун жиноий жавобгарликка тортиб, ҳибсга олишга ордер чиқарди. Бу ҳақда CNN хабар берди.
Суд «Толибон» ҳаракати етакчиси Ҳайбатуллоҳ Охундзода ва Афғонистон Олий суди раҳбари Абдул Ҳаким Ҳаққонийни аёлларни таъқиб қилганликда айблаган.
ХЖС баёнотида таъкидланишича, «Толибон» етакчилари 2021 йил 15 августдан бери гендер асосида таъқиблар уюштирган, аёл ва қизларга қарши буйруқ берган, ундаган ёки даъват қилган.
Таҳқирли ва тизимли сиёсатлар орқали аёллар асосий ҳуқуқ ва эркинликлардан маҳрум этилган, дейилади баёнотда.
«Толибон» суд қарорини «бемаънилик» деб атаб, ХЖСни тан олмаслигини билдирган ва уни «исломга душманлик»да айблаган.
ХЖС маълумотига кўра, Афғонистонда аёлларга 6-синфдан кейин таълим олиш, жамоат жойларида очиқ юриш, эркаклар билан эркин мулоқот қилиш тақиқланган. Бундан ташқари, аёлларнинг овози жамоат жойларида «бостирилган».
Ҳибс ордерлари БМТ Бош Ассамблеясининг Афғонистондаги аёллар ҳолатига доир резолюциясидан сўнг чиқарилган. Унда мамлакатдаги аёлларга нисбатан кучайиб бораётган ва тизимли зулм боис жиддий хавотир билдирилган.