Самарқанддаги йиғилишда электр ва газ корхоналарининг 7 нафар ходими қамоққа олинди

Самарқандда коррупциявий жиноятларни содир қилганликда айбланиб, электр ва газ корхоналарининг 7 нафар ходими қамоққа олинди. Бу ҳақда Энергетика вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.

Маълум қилинишича, 14 февраль куни Бош прокурор ўринбосари Шоҳрух Аминов раҳбарлигида Самарқанд вилоятида энергетика соҳасида содир этилаётган коррупцион ҳолатлар ҳамда тизимни «коррупциясиз соҳа»га айлантириш бўйича танқидий йиғилиш ўтказилган.

Унда, «Ҳудудий электр тармоқлари» ва «Ҳудудгазтаъминот» акциядорлик жамиятлари Самарқанд вилояти ҳамда туманлар ва шаҳарлар филиаллари ходимлари, шунингдек, бошқа масъуллар иштирок этди.

Йиғилиш жараёнида таъминот корхоналарининг коррупциявий жиноятларни содир қилганликда айбланган 7 нафар ходимига нисбатан қамоқ эҳтиёт чораси қўлланилган.

Шунингдек, йиғилиш сўнгида соҳадаги коррупциявий ҳолатларнинг олдини олиш мақсадида таъминот корхоналари раҳбарларига соҳада кескин ўзгаришлар қилиш, ижро ва меҳнат интизомини қатъий таъминлаш, айниқса, ходимлар ўртасида профилактика чораларини янада кучайтириш бўйича топшириқлар берилган.

Самарқанд