Самарқандда «Ҳизб ут-Таҳрир» ғояларини тарқатган 8 киши ушланди
Самарқандда «Ҳизб ут-Таҳрир» террорчилик ташкилотининг 8 нафар тарафдори фаолиятига чек қўйилди.
ДХХ Самарқанд вилояти бошқармаси вилоят ИИБ билан ҳамкорликда ўтказган тезкор тадбирда Пастдарғом туманида яшовчи А.О. бошчилигидаги 8 нафар маҳаллий фуқаро ижтимоий тармоқларда виртуал халқа тузгани аниқланган. Улар «Ҳизб ут-Таҳрир» террористик ташкилоти ғоялари билан йўғрилган материалларни мунтазам равишда тарқатиб, муҳокама қилиб келган.
Шунингдек, мазкур гуруҳ етакчиси А.О. интернет тармоғи орқали «Ҳизб ут-Таҳрир» террорчилик ташкилоти ғоявий раҳномаларидан бири 1980 йилда туғилган Қирғизистон фуқароси М.Х. (лақаби Маҳмуд Абдулмўмин) билан алоқа боғлаб, унинг кўрсатмалари асосида фаолият олиб борган.
Ўтказилган тадбир давомида, «виртуал халқа» аъзоларининг ноқонуний фаолиятини фош этувчи ашёвий далиллар процессуал тартибда расмийлаштириб олиб қўйилган ва халқа аъзоларига нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 159-моддаси 1-қисми, 244-1-моддаси 3-қисмлари билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.