Тошкентдаги қурилишда 23 ёшли йигит вафот этди

Тошкент шаҳридаги кўп қаватли уй қурилишида 23 ёшли йигит бошига «опалубка» тушиб, вафот этди.

Кеча, 11 март куни Янгиҳаёт тумани, «Янги Дархон» МФЙда «King house» МЧЖ томонидан қурилаётган кўп қаватли уйларнинг қурилишида ишлаб келаётган 2001 йилда туғилган Б.Ш.нинг бошига уйнинг 14-қаватидан «опалубка» тушиб кетиб, вафот этган.

Дастлабки суд тиббий экспертизасининг хулосасига кўра, Б.Ш.нинг ўлимига ҳаёт билан номутаносиб жароҳат, бош мия очиқ жароҳати, калла гумбазининг асосий суякларининг юз суякларига ўтувчи синишлари, бош мия лат еб мажақланиши, умуртқа поғонаси ва орқа мия ёпиқ жароҳати, олтинчи еттинчи кўкрак умуртқалари синиши, орқа мия лат ейиши, кўкрак қафаси ёпиқ тўмтоқ жароҳати, тўш суяги, ўпкалар лат еб ёрилиши, бош соҳаси эзилиб йиртилган яраси, ташқи ва ички қон йўқотиш, ички аъзолари кам қонлиги сабаб бўлган.

Ҳозирда терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Янгиликлар