Болалар омбудсманига янги ваколатлар берилди
Президент Шавкат Мирзиёев Олий Мажлиснинг Болалар ҳуқуқлари бўйича вакили (Болалар омбудсмани) га янги ваколатларни тақдим этувчи қонунни имзолади. Ҳужжат матни «Халқ сўзи»да келтирилган.
Ҳужжатда Болалар омбудсмани фаолиятининг янги тамойиллари белгилаб қўйилди: қонунийлик, эркинлик, адолатлилик, инсонийлик, таҳқирларга йўл қўймаслик, ҳолислик, очиқлик, бола ҳуқуқларининг устуворлиги.
Болалар ҳуқуқи, эркинлиги ва манфаатларига алоқадор барча қонун лойиҳалари мажбурий тартибда Болалар омбудсмани билан келишилиши лозим.
Болалар омбудсмани маърузаси ҳар ой Олий Мажлис кенгашларида эшиттирилади. Бола ҳуқуқлари бўйича қонунбузарлик аниқланган тақдирда Болалар омбудсмани давлат идоралари вакиллари ва бошқа ташкилотларга қонунбузарликни бартараф этилгани, ушбу қонунбузарликнинг сабаби ҳақида баённома киритиши мумкин.
Болалар ҳуқуқи бўйича вакил ҳар қандай ташкилот раҳбари ва амалдор шахс томонидан болалар ҳуқуқи билан боғлиқ масалалар бўйича зудлик билан қабул қилиниши лозим.
Қонун, шунингдек, болалар ҳуқуқи бўйича Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрида ҳудудий ваколатли шахсларни тайинлашни кўзда тутади.
Болалар омбудсмани болалар ҳуқуқи тўғрисидаги қонунчиликни такомиллаштириш, болалар манфаатларига йўналтирилган меъёрларни белгилашга хизмат қилади.
Вояга етмаганларга ижтимоий-ҳуқуқий кўмак кўрсатиш марказлари ва ихтисослаштирилган ўқув-тарбиявий муассасалар, тергов изоляторлари ва тарбиявий колониялардаги болалар Болалар омбудсманига ёзма кўринишда мурожаатнома ёзишлари мумкин.