Фарғонада 11 августдан ошхона, чойхона, ресторан ва кафелар фаолиятига рухсат берилди

Фарғонада 11 августдан бошлаб вилоят ҳудудидаги умумий овқатланиш объектлари, жумладан, ошхона, чойхона, ресторан ва кафелар фаолиятига рухсат берилди. Бу ҳақда «ЎзА» маълум қилди.

Таъкидланишича, Фарғонада вилоят коронавирусга қарши курашиш бўйича ишларни мувофиқлаштириш штаби ва махсус комиссия қарорига асосан 2020 йил 11 августдан бошлаб вилоят ҳудудидаги умумий овқатланиш объектлари, жумладан, ошхона, чойхона, ресторан ва кафелар фаолиятига рухсат берилган.

Умумий овқатланиш шохобчалари карантин талаблари ва санитария-гигиена қоидаларига қатъий амал қилиб, кириш-чиқиш жойларини пирометрлар, антисептик воситалар билан таъминлаган ҳолда ўз фаолиятини қайта бошлайди.

Шунингдек, фаолиятини давом эттиришга рухсат этилган тадбиркорлик субъектларида тегишли органлар томонидан карантин талаблари, санитария-эпидемиологик қоидаларига риоя этилиши устидан назорат олиб борилади. Барча ходимлар тиббий ниқоб ва қўлқопда бўлиши, ижтимоий масофани сақлаши шартлиги белгиланган.

Маълумотларга кўра, ресторан ва кафеларда банкетлар ҳамда бошқа оммавий тадбирларни ўтказишга йўл қўйилмайди ҳамда фаолиятини соат 8:00 дан 20:00 га қадар ташкил этади.

Ушбу ўзгариш вилоятдаги эпидемиологик вазият жиловини маҳкам ушлаган ҳолда карантин талабларини босқичма-босқич юмшатишга қаратилган ишлардан биридир, дейилади хабарда.

Маълумот учун, вилоятда жами коронавирусдан соғайганлар сони 294 нафарга етган. Ўлим ҳолати эса 1 тани ташкил этмоқда.

Аввалроқ вилоят ҳокими Шуҳрат Ғаниев «Само» спорт мажмуасидаги тақсимлаш марказида тиббий жиҳозларни ўрнатиш жараёни билан танишгани ҳақида хабар берилганди.

Янгиликлар