Бухорода ўқитувчи 2 минг доллар пора билан қўлга тушди
Бухоро вилояти ва Қорақалпоғистон Республикасида сертификат олиб беришни ваъда қилган шахслар ушланди. Бу ҳақда бугун, 25 май куни Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти хабар берди.
Қайд этилишича, Департаментнинг Бухоро туман бўлими ва ДХХ ходимлари ҳамкорлигида ўтказилган тезкор тадбирда Бухоро муҳандислик-технология институти ўқитувчиси Ш.Ш. фуқаро М.Ж.га танишлари орқали “Миллий тил сертификати”ни олиб беришни ваъда бергани аниқланган. У бунинг эвазига 2 000 АҚШ доллари талаб қилган. Ўқитувчи пулларни олаётган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.
Шу каби, Департаментнинг Қорақалпоғистон Республикаси бошқармаси, ДХХ ва ИИВ ходимлари ҳамкорлигида ўтказилган тезкор тадбирда фуқаро С.О. фуқаро А.Б.ни танишлари ёрдамида “TOEFL iBT” номли “С1” сертификатини олиш учун бўладиган имтиҳондан ўтказиб беришини айтгани аниқланган. У бунинг эвазига 1 800 АҚШ долларини олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.
“Мазкур ҳолатлар юзасидан Жиноят кодексининг 168-моддаси (фирибгарлик), 28, 211-моддаси (пора бериш) билан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда”, дейилади хабарда.