Ўзбекистон олийгоҳларида имтиёзли абитуриентлар умумий квотага киритилмайди
Шавкат Мирзиёев 11 май куни «Давлат бошқаруви соҳасида коррупсиявий хавф-хатарларни бартараф этиш механизмларини такомиллаштириш ва ушбу соҳада жамоатчилик иштирокини кенгайтириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорни имзолади.
Қарорга мувофиқ, 2022 йил 1 сентябрдан, қуйидагиларни назарда тутувчи «Е-Антикоррупция» лойиҳаси тўлиқ ишга туширилади.
Унга мувофиқ:
- 2022 йил 1 сентябрдан бошлаб, «E-Anticor.uz» электрон платформасида давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари, шу жумладан, уларнинг ҳудудий бўлинмалари, давлат унитар корхоналари ва муассасалари, давлат улуши 50 фоиздан юқори ташкилотларнинг фаолиятида коррупциявий хавф-хатарларни мажбурий аниқлаш ва баҳолашни назарда тутувчи «Е-Антикоррупция» лойиҳаси тўлиқ ишга туширилади;
- Коррупцияга қарши курашиш агентлиги томонидан «Коррупцияга мойил бўлган муносабатлар электрон реестри» (паст, ўрта ва юқори ўлчовларида) шакллантирилади ва Интернет тармоғида очиқ эълон қилиб борилади;
- Ҳар бир аниқланган коррупциявий хавф-хатарларнинг тавсифи ва даражаси, уларни бартараф этиш бўйича чораларни ўз ичига олувчи коррупциявий хавф-хатарлар хариталарини тузиш амалиёти йўлга қўйилади;
- «Шаффоф қурилиш» миллий ахборот тизимида фуқаролардан ноқонуний қурилиш ҳолатлари юзасидан мурожаатларни онлайн қабул қилиш имкони яратилади;
- ОТМларга ўқишга кириш учун бериладиган имтиёзларнинг рўйхати ягона хужжатда шакллантирилади ҳамда ушбу имтиёзларни умумий квотага киритмаслик тўғрисидаги қоида белгиланади;
- ОТМларда талабаларни ётоқхона билан таъминлашнинг электрон тизими жорий этилади;
- Автобекатларда тадбиркорлик объектларини жойлаштиришга рухсат беришнинг шаффоф электрон механизмлари яратилади;
- Ташқи реклама объектларини жойлаштириш онлайн аукцион тартибига қатъий риоя этган ҳолда амалга оширилади ва жамоатчилик назорати кучайтирилади.