Фарғонада ўқитувчи 5-синф ўқувчисига телефонини отиб, унинг бошини ёрди
Фарғона вилояти Марғилон шаҳрида ўқитувчи телефонини отиб, ўқувчилардан бирининг бошини ёрди.
Аниқланишича, 5 март куни Марғилон шаҳар 29-умумий ўрта таълим мактабининг 24 ёшли инглиз тили ўқитувчиси М.Э. ўқув жараёнининг 6-соат дарсини 5-“Д” синфига ўтаётган бўлган. Шу синфнинг 12 ёшли ўқувчиси У.Ж. ҳожатхонага чиқиб келишни сўраган, ўқитувчи жавоб бермаган. Бола зарурат юзасидан синфдан чиққан ва бир оздан кейин қайтгач, ўқитувчи унинг рухсатсиз ҳаракатидан ва гаплашиб ўтиришидан жаҳли чиқиб ўз қўл телефонини ўқувчига қарата отган. Телефон У.Ж.га тегиб, оқибатда унинг бош қисми ёрилган.
У.Ж.га мактаб ҳамшираси томонидан биринчи ёрдам кўрсатилиб, боши боғланган. Уйга шу ҳолатда борган вақтида боланинг онаси У.Г. жароҳатдан хабар топиб, уни шифохонага олиб борган ва болага зарурий тиббий муолажалар кўрсатилган.
“Ҳозирда ўқитувчининг ҳаракати юзасидан туман ИИБ терговга қадар текширув олиб бормоқда. Бу борада қўшимча маълумот берилади”, — дейилади хабарда.