Қайд этилишича, бугунги кунда амалда давлат мулкидан самарали фойдаланмаслик ва уни ижарага бериш тартибини бузиш билан боғлиқ қонунбузарлик ҳолатлари кўпайиб бормоқда. Бу эса ўз навбатида давлат мулкини ижарага бериш соҳасидаги қонунчилик бузилишларининг олдини олишга қаратилган чораларни такомиллаштиришни тақозо этмоқда.
Шу боис сенаторлар томонидан муҳокама қилинган қонун билан давлат мулкини ижарага бериш соҳасидаги қонунчиликни бузганлик учун маъмурий жавобгарлик белгиланмоқда.
Хусусан, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга қўшимча модда киритилиб, унга кўра давлат мулкини белгиланган тартибда ижара шартномаси тузмасдан ижарага бериш, ижарага олувчига ижарага берилган давлат мулкини қабул қилиб олиши, унинг ҳудудига кириши ва фойдаланишига асоссиз равишда тўсқинлик қилиш ёки ижара шартномасида ижарага берилган мулкнинг параметрлари ва сонини камайтириб кўрсатган ҳолда ижарага берганлик учун мансабдор шахсларга базавий ҳисоблаш миқдорининг 5 бараваридан 10 бараваригача миқдорда жарима солинишига асос бўлади.
Ушбу ҳуқуқбузарлик бир йил ичида қайта содир этилса, базавий ҳисоблаш миқдорининг 10 бараваридан 15 бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлиши белгиланмоқда.
Сенаторлар ушбу қонун давлат мулкидан самарали фойдаланилишини, ижарага олувчиларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари ишончли ҳимоя қилинишини таъминлашга хизмат қилишини таъкидлади. Муҳокама якунида мазкур қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.