Жиззахда Суриядаги террор ташкилот сафига қўшилишни режалаштирган йигит ушланди
Жиззах вилояти Пахтакор туманида Сурияга бориб, жангарилар сафига қўшилишни режа қилган йигит қўлга олинди.
Таъкидланишича, ИИБ ҳамда ДХХ Жиззах вилояти бошқармаси ходимлари томонидан тезкор тадбир ўтказилган. Унда халқаро террорчилик ташкилоти ёлловчиларининг ғоявий таъсирига тушиб, уларнинг сафига бориб қўшилишни режалаштирган фуқаро қўлга олинган. Пахтакор туманида яшаган, 1999 йилда туғилган Х.Б. 2019–2021 йилларда ишлаб пул топиш мақсадида хорижий давлатларда бўлган.
Бу жараёнда «Тавҳид ва жиҳод катибаси» халқаро террорчилик ташкилотининг ёлловчилари ғоявий таъсирига тушиб қолиб, яшаш манзилига қайтиб келганидан сўнг уларнинг ғояларини 10 нафардан ортиқ тенгдоши орасида фаол тарғиб қилган.
Шунингдек, унинг Сурияга бориб, халқаро террорчилик ташкилотлари сафига қўшилишни режалаштиргани аниқланиб, ушланган. Ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилиб, тергов харакатлари давом эттирилмокда.