Қашқадарёда эркак 4 нафар таниши томонидан калтакланиб, кўчага ташлаб кетилди

Қашқадарё вилояти Қарши туманида 14 февраль куни эркак 4 нафар яқин таниши томонидан калтакланиб, кўчага ташлаб кетилди.

Маълум бўлишича, шу куни соат 21:25 да туманнинг Кўчкак МФЙда яшовчи Р.Н.ни маҳалладошлари Ў.Ш., Ҳ.О., Т.А. ва Ш.Ў. телефон орқали чақириб, Ў.Ш. бошқарувидаги «Damas» автомашинасига миндириб, тумандаги Гулистон МФЙ ҳудудидаги дала майдонига олиб борган. Шундан сўнг уриб, тан жароҳати етказган. Мазкур ҳолат юзасидан туман ИИБ тергов бўлими томонидан 15 февраль куни жиноят иши қўзғатилиб, дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Шифокорларнинг айтишича, бемор жуда оғир аҳволда.

«Бемор оғир қўшма шикастланиш, калланинг ёпиқ шикастланиши, кўкрак қафаси ёпиқ шикастланиши, ўнг елка суяги бошининг чиқиши, ўнг болдир суяклари ўрта юқори учлигидан бўлакланиб синиши, танада кўплаб йиртилган-шилинган жароҳатлар ташхиси ва бир қатор оғир даражалар билан жонлантириш бўлимига ётқизилган. Ҳозирда унинг аҳволи оғир. Шунинг учун жарроҳлик амалиёти ўтказилади», — деган травматолог.

Калтакланган эркакнинг укаси эса воқеа аввалдан режалаштирилганини айтган.

«Акам машинанинг олди ўриндиғига ўтирган. Шиша идиш ва темирлар билан унинг бошидан уришган ва ҳушсиз ҳолатга келтиришган. Машинадан пастга тушириб, юра олмаслиги учун оёғини синдириб, зовур ёнига ташлаб кетишган», — деган у.

Янгиликлар