Фарғонада қиймати 7 миллиард доллардан ортиқ лойиҳалар амалга оширилади

Президент Шавкат Мирзиёев Фарғона вилоятида амалга оширилиши режалаштирилган янги инвестисия лойиҳалари билан танишди. Бу ҳақда давлат раҳбари матбуот хизмати хабар беради.

Таъкидланганидек, ўтган 7 йилда Фарғона вилоятига қарийб 77 триллион сўмлик инвестициялар жалб этилган. Натижада 116 минг иш ўрни ва 4,5 миллиард долларлик экспорт салоҳияти яратиш имконияти яратилган.

Айни пайтда хорижий инвесторлар ва маҳаллий тадбиркорлар томонидан умумий қиймати 7 миллиард доллардан ортиқ бўлган 132 та лойиҳа шакллантирилган, шундан 2,1 миллиард долларлик 25 лойиҳа давлатимиз раҳбарига тақдим этилган, — дейилади хабарда.

Маълумотларга кўра, лойиҳаларга Австрия, АҚШ, Хитой, Россия, Туркия, Германия, Саудия Арабистони, Қувайт, Япония ва Озарбайжон компаниялари сармоя киритмоқда. Улар тўқимачилик, озиқ-овқат, тиббиёт, электротехника, қурилиш материаллари, хизмат кўрсатиш ва бошқа соҳаларни қамраб олади.

Шу билан бирга, 132 та лойиҳанинг амалга оширилиши натижасида 23 мингдан ортиқ аҳоли бандлигини таъминлаш режалаштирилган.

Шунингдек, президент лойиҳаларнинг ташкилий-ҳуқуқий асосларини яратишни жадаллаштириш, инвесторлар учун барча шароитларни таъминлаш бўйича мутасаддиларга қўшимча топшириқлар берган.

Янгиликлар