«Талабаларнинг коронавирусга қарши эмланиши мажбурий эмас» — вазир ўринбосари
Олий ва ўрта махсус таълим вазири ўринбосари Раҳим Ҳакимов АОКАда 10 январь куни ўтказилган матбуот анжуманида талабаларнинг коронавирусга қарши эмланиши ҳозирча мажбурий бўлмаганини таъкидлади.
Қайд этилишича, шу пайтга қадар мамлакатдаги олий ўқув юртларида кундузги тарзда таълим олаётган талабаларнинг 70 фоизи коронавирусга қарши ихтиёрий тарзда эмланган.
«Бугунги кунда кундузги таълимда бизда 525 мингдан ортиқ талаба таҳсил олади. Ҳозирга қадар уларнинг 70 фоизи коронавирусга қарши вакциналар билан эмланиб бўлган. Буни кўпайтириш мақсадида контракт тўловларида жуда кўплаб чегирмалар қилинганди. Ҳар бир олий таълим муассасаси ўзининг ҳудудидаги поликлиникаларга бириктирилган ва бу жараёнлар ҳозир ҳам давом этяпти», — деди вазир ўринбосари.