Мактаблар очиқ қолиши керак — ЮНИCЕФ
ЮНИCЕФ мактаблар ёпилишининг узоқ муддатли оқибатлари қайтарилмас бўлиши мумкинлигини маълум қилиб, барча мамлакатларни COVID-19 тарқалишига қарамасдан, мактабларни ёпмасликка чақирди.
«Мактаблар таълим беришдан ташқари, заиф болалар фаровонлигини ҳам ҳимоя қилади ва бошқа кўплаб муҳим хизматлардан фойдаланишларини таъминлайди», дейилади жамғарма баёнотида.
COVID-19, хусусан, «омикрон» штамми давом этаётганига қарамай, дунёдаги барча мактаблар очиқ қолиши керак, деб ҳисоблайди БМТ Болалар жамғармаси (ЮНИСЕФ). Жамғарма ижрочи директори Генриетта Фор 27 январь куни: «Ҳеч қандай баҳонага ўрин йўқ. Мактаблар очиқ қолиши керак. Болалар кута олмайди», — дея таълим инқирозининг қайтарилмас оқибатларидан огоҳлантирди.
«COVID-19 нинг „омикрон“ варианти бутун дунё бўйлаб юришда давом этмоқда ва бу вазиятда биз ҳукуматларни болалар таълимида кейинги бузилишларнинг олдини олиш учун қўлларидан келганини қилишга чақирамиз», — деди Генриетта Фор.
Унинг таъкидлашича, таълим соҳасидаги инқирозни бартараф этиш учун болаларни кундузги таълимга қайтариш керак. Бунинг учун мактаблар очиқ бўлиши, зудлик билан ўқитувчилар ва ходимлар вакцинацияси таъминланиши, мактаб ўқувчилари эса имкон қадар эмлашлари керак, аммо вакцинацияни уларнинг мактабга қайтишининг мажбурий шарти бўлмаслиги керак, дея унинг сўзларидан иқтибос келтиради БМТ сайти.
«Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти тавсияларига мувофиқ, ЮНИCЕФ мактабларни очиқ сақлашга ва мамлакатнинг COVID-19 га қарши кураш стратегиялари барча болалар ва ўсмирларнинг, шу жумладан эмланмаган болаларнинг таълим ва жамият ҳаётининг бошқа соҳаларида иштирок этишини таъминлашга чақиради», — дейилади баёнотда.
20 январь куни Ўзбекистонда мактабларда (шунингдек, ОТМ, лицей ва касб-ҳунар таълими муассасаларида) таълим бир ой муддатга онлайн тарзда ўтилиши маълум қилинди. Болалар боғчалари эса фаолиятини давом эттирмоқда.
Ушбу эълонга қадар ЮНИСЕФнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси тарқатган хабарда эса қуйидагилар келтирилган эди: «Мактаблар таълим бериш билан бир қаторда ижтимоий заиф болаларнинг фаровонлигига ҳисса қўшиб, кўплаб муҳим хизматларни тақдим этади. Мактаб болалар учун тенгдошлари ва ўқитувчилари билан муносабатлар қуриш учун асосий ижтимоий муҳитдир. Ҳимоя чоралари кўрилган ҳолда мактаблар очиқ қолиши лозим».