Ўзбекистонда Миллий кинематографияни ривожлантириш маркази ташкил этилди
Ўзбекистонда Кинематография агентлиги ва киносаноати вакиллари муассислигида Ўзбекистон Миллий кинематографияни ривожлантириш маркази ташкил этилди.
Маълум қилинишича, марказ нодавлат нотижорат ташкилот бўлиб, Ўзбекистон Президентининг 2021 йил 7 апрелдаги «Кино санъати ва саноатини янги босқичга олиб чиқиш, соҳани давлат томонидан қўллаб-қувватлаш тизимини янада такомиллаштириш тўғрисида»ги 6202-сонли фармонига асосан ташкил этилган.
Қайд этилишича, Ўзбекистон Миллий кинематографияни ривожлантириш маркази қуйидаги вазифаларни ўз ичига олади:
- кино санъатини жамиятнинг маънавий, маданий-маърифий ҳаётида, жумладан, ёшларни ватанпарварлик руҳида тарбиялашда стратегик манба сифатида шакллантириш;
- кино саноатини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш тизимини бозор тамойили асосида такомиллаштириш, шунингдек, хорижий кинокомпанияларни мамлакатга жалб қилиш ва ҳамкорликда фильм ишлаб чиқаришни ривожлантириш;
- кино саноатини иқтисодиётнинг алоҳида тармоғи сифатида ривожлантириш, замонавий ва юқори технологик моддий-техник базага эга инфратузилмани яратиш;
- кинематография соҳасида кадрлар тайёрлаш, кино ижодкорлари ва техник ходимлари малакасини оширишнинг самарали тизимини яратиш;
- миллий сериаллар ишлаб чиқаришни давлат томонидан рағбатлантириш, анимацион фильм ишлаб чиқаришга ёш мультипликатор ва аниматорларни кенг жалб қилиш;
- соҳада муаллифлик ҳуқуқининг кафолатли ҳимоя қилинишини таъминлаш, кинопрокат тизимини ривожлантириш, миллий фильмларни жаҳон кино бозорларига олиб чиқиш ва бошқалар.