ДХХ Самарқандда Миллий гвардия ходимини пора билан қўлга олди

Давлат хавфсизлик хизмати ер майдонларини ноқонуний сотиш ҳолатларининг олдини олиш бўйича тезкор тадбирлар олиб борди.

Қайд этилишича, Миллий гвардиянинг Самарқанд вилояти қўриқлаш бошқармаси назоратчиси муқаддам 2 маротаба судланган шахс билан тумандаги фермер хўжалигининг 6 гектар ер майдонини 157 минг долларга сотмоқчи бўлган. ДХХнинг вилоят бошқармаси ходимлари томонидан ўтказилган тадбирда улар олдиндан 100 минг доллар олган вақтида ушланди.

Шунингдек, хизматнинг Наманган вилояти бўйича бошқармаси ходимлари томонидан прокуратура органлари билан ҳамкорликда тезкор тадбир ўтказилган. Аниқланишича, вилоят қурилиш бош бошқармасининг Давлатобод тумани бўлими мутахассиси тадбиркорга 2 гектар ер расмийлаштириб бериш ҳамда у ерга кўп қаватли уй ва ишлаб чиқариш объекти қуришга рухсат олиб беришни ваъда қилган. У бунинг учун 200 минг доллар олган вақтида қўлга олинган.

Тошкент шаҳрида кузатилган ҳолатда эса Бектемир туманидаги боғдорчилик-узумчилик ширкати аъзоси бўлган фуқаро ушбу ширкат ҳудудидаги 4 сотих ер майдонини харидор номига расмийлаштириб бериш эвазига 17 600 доллар олган вақтида ушланди.

Маълум бўлишича, Бухоронинг Шофиркон туманида яшовчи якка тартибдаги тадбиркор ўзининг ўғли номида бўлган фермер хўжалигининг 7,4 гектар ерини харидор номига расмийлаштириб беришни ваъда қилган. У бунинг эвазига 84 минг доллар олган вақтида Давлат хавфсизлик хизмати ва Бош прокуратура ҳузуридаги Департаментнинг ҳудудий бошқармалари ходимлари томонидан қўлга олинган.

Янгиликлар