Ўзбекистонда электрон визаларни тарқатиш тизими такомиллаштирилади
Президент Шавкат Мирзиёев электрон визалар тарқатиш тизимини такомиллаштириш ва унинг мобил иловасини ишга тушириш бўйича топшириқ берди, деб хабар қилди давлат раҳбари матбуот хизмати.

Бир кун аввал туризмни ривожлантиришга бағишланган видеоселектор йиғилишида Ўзбекистоннинг туризм салоҳиятини намойиш этадиган глобал реклама кампаниясини йўлга қўйиш зарурлиги таъкидланган эди.
Белгиланганидек, миллий туризм брендига бағишланган контент яратиш бўйича танлов ўтказилади. Жорий йилда Тошкентда, келаси йил Хивада халқаро гастрономик фестиваллар ташкил этилиб, унда 300 дан ортиқ ўзбек миллий таомлар намойиш этилади.
Реклама компанияси эса телевидение билан бир қаторда ижтимоий тармоқлардан ҳам кенг фойдаланилади. Кўп аудиторияга эга бўлган блогерлар учун ахборот саёҳатлари ташкил этилади.
Йиғилиш давомида давлат раҳбари соҳа тадбиркорлари билан очиқ мулоқот ўтказди. Уларнинг муаммо ва таклифларидан келиб чиқиб, туризм хизматлари операторларини молиявий қўллаб-қувватлаш, қўшилган қиймат солиғини (ҚҚС) субсидия шаклида қайтариш муддатини узайтириш, экспорт географиясини кенгайтириш, ўрта даражадаги мутахассисларни хорижда тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш юзасидан кўрсатмалар берди.





