«Ўзгидромет» кучли ёмғир сабабли ҳудудларни сув босишидан огоҳлантирди

«Ўзгидромет» 20—22 март кунлари кутилаётган ноқулай об-ҳаво шароитидан огоҳлантирди.

Маълум қилинишича, 20—22 март кунлари Ўзбекистон ҳудуди бўйича ёмғир ёғади, 20—21 март кунлари баъзи жойларда кучли бўлади, момақалдироқ кузатилиши мумкин.

20—21 март кунлари шамол тезлиги 15-20 метр/секундгача кучаяди, айрим жойларда баъзида 25-28 метр/секундгача кучайиши, баъзи жойларда чанг-тўзон билан кузатилиши мумкин.

Кутилаётган кучли ёмғирлар ёғиши сабабли, 20—22 март кунлари республиканинг тоғолди ва тоғли ҳудудларида сел-сув тошқини юзага келиши мумкин.

«Тоғолди ва тоғли ҳудудларда истиқомат қилувчи фуқаролар, дам олувчилар ҳамда тоғли ҳудудларда ҳаракатланувчи ҳайдовчилардан эҳтиёткорлик чораларини кўришларини сўраймиз», — дейилади хабарда.

Шунингдек, Республика ҳудуди бўйича ёмғир сувлари тўпланиши эҳтимоли бор, бу эса ҳудудларни сув босишига олиб келиши мумкин.

Янгиликлар