Андижонда қарийб 1,5 кг олтинни Ўзбекистондан ноқонуний олиб чиқиб кетмоқчи бўлган шахслар ушланди

ДХХнинг Андижон вилояти бўйича бошқармаси ходимлари томонидан вилоят божхона бошқармасини жалб қилган ҳолда тезкор тадбирлар ўтказилди.

Андижон шаҳри ва Андижон туманида яшовчи, 1985, 1997 ва 2000 йилларда туғилган 4 нафар шахс «Дўстлик» чегара-божхона пости орқали Ўзбекистондан Қирғизистонга занжир, тиш қолипи ҳамда лом шаклидаги тилла буюмларни – кийимлари ичига яширган ҳолда олиб чиқиб кетишга уринган вақтларида ушланди, дея хабар бермоқда ДХХ Матбуот хизмати.

Экспертиза хулосасига кўра, улардан ашёвий далил сифатида олинган, асиллик даражаси 997 бўлган олтин буюмлар ва қотишмаларнинг жами вазни 556 граммни, умумий баҳоси 474 млн 256 минг сўмни ташкил этади.

Бошқа ҳолатда эса Избоскан туманида яшовчи, 1983 йилда туғилган аёл «Маданият» чегара-божхона пости орқали Қирғизистонга чиқиб кетаётган вақтида тўхтатилиб, тегишли тартибда шахсий кўрикдан ўтказилди.

Кўздан кечириш натижасида, унда йўловчи божхона декларациясида кўрсатилмаган занжир ва лом кўринишидаги, умумий вазни 568 граммни ташкил этувчи, асиллик даражаси 992 бўлган олтин борлиги аниқланиб, ашёвий далил сифатида расмийлаштириб олинди.

Экспертиза хулосасига кўра, ушбу тилла буюмлар ва қуймаларнинг умумий баҳоси 431 млн 894 минг сўмни ташкил этади.

Шунингдек, унинг шериги бўлган Наманган туманида яшовчи 1983 йилда туғилган аёл ҳам асиллик даражаси 992 бўлган соф оғирлиги 271 граммни ташкил қилувчи 249 млн 240 минг сўмлик занжир ва ностандарт қуйма тиллаларни ноқонуний олиб чиқиб кетаётган вақтида тўхтатиб қолинди.

Аниқланишича, қонунбузарлар олтиндан ясалган буюмларни Қирғизистон орқали Туркия давлатига олиб кетишни режалаштиришган.

Ҳозирда мазкур шахсларга нисбатан ЖКнинг 182-моддаси 2-қисми «а» банди билан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Янгиликлар