Жиззахда ўз ўғлини ўлдириш билан таҳдид қилган шахсга нисбатан жиноят иши қўзғатилди

Жиззах вилоятида вояга етмаган ўғлига нисбатан босим ўтказиб, зўравонлик қўллаган шахсга нисбатан жиноят иши қўзғатилди. Бу ҳақда Омбудсман матбуот хизмати хабар берди.

Тегишли мурожаат боланинг бувиси Б.О.дан келиб чиққан бўлиб, унинг қизи К.С. 2022 йилдан буён Жанубий Кореяда ишлаб келаётгани, саккиз ёшли бола отасининг қарамоғида қолганини айтди.

Мурожаатга илова қилинган видеоёзувда эр-хотин видео қўнғироқ орқали жанжаллашганида, ота ўғлининг бўғзига пичоқ тирагани акс этган. Шунингдек, аёл эри томонидан кўп маротаба калтаклангани ва соғлиғига зарар етгани ҳақида гапирган.

Мурожаат Омбудсман томонидан назоратга олиниб, ҳолат унинг Жиззах вилоятидаги минтақавий вакили ҳамда Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги Жиззах вилояти бошқармаси билан ҳамкорликда жойига чиқиб ўрганилди.

Аниқланишича, ҳозирда фуқаро К.С.нинг вояга етмаган ўғли бувиси билан яшамоқда.

«Бола билан суҳбат ўтказилганда, ота-онаси ўртасидаги салбий муносабатдан норози эканлигини, отаси билан яшашни хоҳламаслиги ҳамда бувиси билан қолишни исташини билдирган. Шундан сўнг, фуқаро К.С.нинг вояга етмаган ўғлига бувиси вақтинчалик васий этиб тайинланди»,- дейилади хабарда.

Ота вояга етмаган фарзандига нисбатан ўлдириш ёки зўрлик ишлатиш билан қўрқитишда ифодаланган ғайриқонуний ҳаракатлари сабаб ЖКнинг 112-моддаси 1-қисмида назарда тутилган жиноятни қасддан содир этганликда айбланиб, унга нисбатан жиноят иши қўзғатилган.

Янгиликлар