Шимолий Корея Жанубий Кореяга 200 дан ортиқ ахлат шарларини учирди
Шимолий Корея Жанубий Кореяга турли хил ахлатлар жумладан, пластик бутилкалардан тортиб гўнггача тўлган 200 дан ортиқ ҳаво шарларини учирди. Бу ҳақда Yonhap агентлиги Корея Республикаси Қуролли кучлари штаб бошлиқлари бирлашган қўмитасига таяниб ҳабар бермоқда.
Ҳарбийларга кўра, ҳаво шарлари 28 май куни кечқурун икки давлат чегарасидан ўта бошлаган ва мамлакатнинг турли жойларига тушиб кетган. КХДР буни жанубий кореялик фаоллар томонидан Пхенянга қарши чиқарилган варақаларга жавоб деб атаган. Шарлар ичида турли хил ахлатлар — пластик бутилкалар, батареялар, пойабзал қисмлари ва ҳатто гўнг бор булган.
Шимолий Кореянинг бу ҳаракатлари халқаро ҳуқуқни очиқдан-очиқ бузади ва одамлар хавфсизлигига жиддий таҳдид солади. Биз Шимолий Кореяни ўзининг ғайриинсоний ва қўпол ҳаракатларини зудлик билан тўхтатиши ҳақида қаттиқ огоҳлантирамиз, — деди Жанубий Корея Бирлашган штаб бошлиқлари.
Қўмита Жанубий Корея аҳолисига қулаган нарсаларга тегмасликни ва бу ҳақда ҳуқуқ-тартибот идораларига хабар беришни тавсия қилган. Агентликни эслатишича, 2016 йил Шимолий Корея аллақачон бундай ҳаво шарларини учирган, бунинг натижасида эса машиналар ва баъзи уйларнинг томи шикастланган эди.